Ajr va Badal
Ajr va Badal kitobi tóğrisida fikr va mulohazalaringizni qoldirişingiz mumkin
Ушбу асар қора қалб соҳиби бўлган, ўспиринлик давридан залолат йўлига кирган, тақдирни бўйсундиришга уринган ва шу тақдирнинг шафқатсиз дарсини олган бир Инсон хақида.
Асарда Инсон зотининг олий ва тубан сифатлари ва бу сифатларнинг ўзаро олишуви муаллифнинг имкони чегарасида ёритилган.
03/02/2025
Тақриз
Узоқ вақтлик танаффусдан сўнг, мени яна тақриз ёзишга илҳомлантирган китоб Абдулазиз Сафийнинг "Ажр ва Бадал” асари ҳақида…
"Ажр ва Бадал" асари ўқувчининг руҳини тўлдирадиган ва уни ички курашларга олиб кирадиган ҳикоядир. Асар бизни Салоҳиддин исмли бир йигитнинг ҳаёти билан таништиради, Салоҳиддин билан бирга бизни ҳам ҳаётнинг турли хил тўлқинларида сузишга ва виждонимизни озгина бўлсада уйғотишга мажбур қилади. Салоҳиддин ақл ва заковат жиҳатидан алоҳида юксакликларга эга, лекин унинг бу салоҳиятлари нотўғри йўлларда сарфланади. Салоҳиддин — нафақат ақлли, балки таваккалчи ҳам. Аммо, афсуски, унинг таваккалчилиги залолат ва жаҳолат гирдобига айланган. У ўзининг кучли қобилиятларини ғаразли мақсадлар сари йўналтириб, фақатгина ўзининг манфаатлари учун сарфлайди. Бу барчасида Салоҳиддиннинг қалби қай тарзда йўқолиб бораётганини сезиш мумкин.
Асар бошида муаллиф китобхонни Салоҳиддинга нисбатан нафрат ҳиссини туйишига ундайди. Унинг ички олами, қарорларидаги адолатсизлик ва эътиборсизлик даражаси ўқувчида шак-шубҳасиз нафратни уйғотади. Аммо асар охирига келганда, бу нафрат ўзгаради. Ўқувчи Салоҳиддин билан бирга ўзи ҳам руҳий ўзгаришларни бошидан кечиради. Асар бизга, инсоннинг энг катта хатоси — қийматсиз нарсаларга муккасидан кетиш, қалбига ҳаётга бўлган нотўғри лаззатни сингдириб қўйиш эканлигини кўрсатади.
Муаллиф асарда нафақат Салоҳиддиннинг ҳақиқий ички дунёсини, балки унинг кечирилиш жараёнини ҳам тасвирлайди. Ўқувчи, бир лаҳза бўлса ҳам, Салоҳиддиннинг руҳий ҳолатини ҳис қилади. Унинг қилмишлари ёмон бўлса-да, ундаги инсонийлик ва қайғу ҳиссини туя бошлайди.
Асарнинг тил ва услуби жуда нозик ва тасаввурга бой. Ҳар бир сўз, ҳар бир жумла ўқувчининг хаёлига ўзгача бир ранг бағишлайди. Шунингдек, бу асар ўзининг бой руҳий қатламлари билан янада қизиқарли, чунки у инсониятнинг энг қаттиқ ички дилеммаларини ўрганади. Масалан, "ажр" ва "бадал" тушунчалари орқали ўқувчи танлов ва мажбуриятнинг моҳиятини англаш имкониятига эга бўлади.
Муаллифнинг маҳорати ҳақида эса алоҳида тўхталиб ўтмасам бўлмасди.Муаллифнинг маҳорати, аввало, асарнинг ўқувчи қалбига таъсир ўтказа олиш қобилиятида намоён бўлади. Муаллифнинг услуби ўқувчини чарчатмайди. "Ажр ва Бадал" — бу шунчаки воқеалар занжири эмас, балки инсон руҳиятининг мураккаб қатламларини очиб берадиган асар. Муаллиф қаҳрамон — Салоҳиддиннинг ўзгаришини шунчалик табиий ва таъсирчан тасвирлайдики, ўқувчи ҳам бу жараённи юрагида ҳис қилади.
Асарнинг энг катта ютуғи — муаллифнинг ўқувчини Салоҳиддинга нисбатан турли хил ҳис-туйғуларни кечиришга мажбур қилиши. Дастлаб, биз унга нафрат билан қараймиз, кейин эса тушунишга ҳаракат қиламиз ва охир-оқибат уни кечиришга ҳам тайёр бўламиз. Бу эса муаллифнинг психологик тасвир маҳоратидан далолат беради.
Бундан ташқари, асарнинг тили жонли, тасвирлари эса ўта реалистик. Муаллиф ҳаётнинг энг мураккаб масалаларини соддалик ва чуқур маънодорлик билан ёритади. Диалоглар сунъий эмас, ҳар бир қаҳрамоннинг нутқи ва ҳаракати унинг характерини очиб беради. Шу боис, "Ажр ва Бадал" фақат сюжетга бой асар эмас, балки руҳий ўзгариш ва инсоний тафаккурга чуқур таъсир қилувчи асардир.
Салоҳиддин қандай қилиб қалбида эзгулик уруғини ундира олганлиги, бу жараёнда унга кимлар ёрдам бергани, нима учун қўшни кампир уни осмондан келган фаришта деб ўйлагани, ўзига ғирт бегона бўлган аёлнинг ўғлини Россияга бориб одамфурушлар қўлидан қутқариб келгани, жиноят оламида Халқаро мавқени қандай қилиб эгаллаганию, барча қийин вазиятларда қандай қилиб соғ-омон чиқганлиги, севимли аёли ва китоб муқовасидаги қизалоқ кимлиги сизга ҳам қизиқ туйилаётгандир а? Унда бу китобни ўқинг дўстлар. Агар инсон қалбининг мураккаб йўлларини, хатолар ва кечирим ўртасидаги курашни ҳис қилмоқчи бўлсангиз, "Ажр ва Бадал" ни ўқинг. Бу асар сизни Салоҳиддиннинг ҳаёти орқали ўзингизга ҳам саволлар беришга мажбур қилади. Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги танлов, инсоннинг ички ўзгариши ва тақдирнинг кескин бурилишлари сизни бефарқ қолдирмайди. Шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, бу китобни ўқиб, ҳаёт ҳақидаги қарашларингизни қайта кўриб чиқишга тайёр туринг!
Чаросхон Қурбонова
Click here to claim your Sponsored Listing.
Location
Website
Address
Tashkent